Апостиль қандай таом ва уни нима билан истеъмол қилиш керак?

Asror Arabjanov
1 min readJul 22, 2020

Агар сиз хорижий давлатдаги шахслар ёки ташкилотлар билан тадбиркорлик, таълим ёки бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилган бўлсангиз ёки ишингиз тушган бўлса, сиз албатта “апостиль” ҳақида эшитгансиз.

➡️ “Апостиль” 1961 йил 5 октябрьда имзоланган Гаага Конвенциясида келтирилган атама бўлиб, бир конвенция иштирокчиси бўлган давлатда қабул қилинган ҳужжатни бошқа иштирокчи давлатда қабул қилиниши имконини берувчи ҳуқуқий воситадир.

Айтайлик, Ўзбекистонлик абитуриентлар орасида машҳур бўлган Латвиянинг Туриба Университетига ҳужжат топширяпсиз? Университет сизнинг дипломингиз қалбаки эмаслигига ёки унинг таржимаси аслига мослигига қандай ишонч ҳосил қилади? Бунда сизга ўз дипломингизни таржима қилдириб, нотариусдан ушбу таржимани тасдиқлатиш ва Адлия Вазирлигида “апостиль” қўйдиришингизнинг ўзи етарли бўлади.

Ёки, Франциялик инвестор Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтиб тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун, ундан сўралган айрим ҳужжатларни ҳуқуқий мақомини тасдиқлаш учун, инвестор ўз давлатида нотариал идорадан ҳужжатни тасдиқлаб “Апостиль” қўйдирса, Ўзбекистонда ўша ҳужжатга бошқа легаллаштириш талаби қўйилмайди.

❗️ Эслатиб ўтиш керакки, сиздан ҳужжат талаб қилаётган ташкилот 1993 йил 22 январьдаги Минск Конвенцияси иштирокчи давлатида (масалан РФ, Қозоғистон, Украина) бўлса, ушбу ташкилот Ўзбекистон нотариуси томонидан тасдиқланган ҳужжатни тўғридан-тўғри қабул қилади.

--

--