Демирнинг дивани

“Веннерстрём фирибгарлик билан шундай миқёсда шуғулланган-ки, бу энди жиноят эмас — бизнес ҳисобланган.”

Стиг Ларссон “Аждаҳо татуировкали қиз” китобидан

Машҳур Турк тадбиркори Ахмет Демир бизнесларининг Ўзбекистондаги аянчли қисмати ҳақида эшитмаган қолмаган бўлса керак. Анча қийинчиликлардан ўтиши ва бутун активларини бир кун ичида йўқотишига қарамасдан, жаноб Демир 2017 йилда яна Ўзбекистонга қайтиб тадбиркорлик фаолиятини бошлашга қарор қилган. Бу сафар у эксплуатация қилинмай ётган «Чорсу» меҳмонхонасини реконструкция қилишга қарор қилади ва бўлажак меҳмонхона учун малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Тошкент марказида Миллий Банкка тегишли бинода “Divan by Demir” ресторанини очади. Катта қиролликларда ҳам кичик кўнгилсизликлар бўлиб турганидек, бу сафар ҳам воқеалар жаноб Демир кутганидек «силлиқ» ўтмайди.

Очиқлик давр талаби ва ҳозирги ҳукуматнинг асосий йўналиши бўлганлиги сабабли, суд қарорлари www.public.sud.uz порталига жойлаштирилиши бошланган. Порталда жойланган Тошкент Шаҳар Иқтисодий судининг 2020 йил 25 сентябрдаги 4–10–2018/195 сонли иш юзасидан қарори жуда қизиқ туюлди. Иқтисодий процессуал кодекснинг 11чи моддаси ижросини таъминлаш мақсадида суд ходимлари қарор кўчирмасини порталга шахси кўрсатилмаган тарзда жойлаштирган (https://public.sud.uz/api/file/download/9263634).

www.public.sud.uz порталидан 4–10–2018/195 сонли иш файли

ИКТ ва хусусан Adobe Acrobat ва portable document format (PDF) файл хусусиятлари билан сал бўлсада таниш одам билади-ки, текстни қора маркер билан ёпиш, текстни ушбу қисмига бошқалар қира олмайди дегани эмас. Ушбу файлни яширилган жойларини очиш учун оддийгина copy&paste буйруғини қўллашни ўзи етарли. Келинг сизни ушбу суд қарорида келтирилган жаноб Демирнинг ва унинг ресторани билан боғлиқ ҳикоя билан таништираман.

www.public.sud.uz порталидан 4–10–2018/195 сонли иш файлидан олинган кўчирма

Шундай қилиб, жаноб Демир 2017 йил 14 июнида “Inter Tourism” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонани рўйхатдан ўтказади. Қўшма корхона таъсисчилари:

1. «Demir Group Servis Insaat Yatirimlari Sanayi Ve Ticaret Anonim Sirketi» 99,9% улуш билан

2. Гульмамедова Лейла Алиевна 0,1% улуш билан

Лекин кутилмаганда, Яшнобод тумани давлат хизматлари марказига қўшма корхонани таъсисчилари алмашганлиги сабабли: «Demir Group Servis Insaat Yatirimlari Sanayi Ve Ticaret Anonim Sirketi» ўзига тегишли бўлган 99,9% улушни текинга фуқаро Шамансуров Шухрат Равшановичга ҳадя қилиш ҳақида 2019 йил 4 декабрдаги ҳадя шартномаси ва ушбу шартномадан келиб чиққан ўзгаришларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича 2019 йил 4 декабрдаги 1–12/2019 сонли таъсисчилари умумий йиғилиши Протоколи бошқа керакли ҳужжатлар билан топширилади.

Ушбу ўзгаришлар 2019 йил 4 декабр куни 52621 сонли реестр рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилади ва эндиликда “Inter Tourism” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона таъсисчилари қўйидаги кўринишга келади:

1. Шамансуров Шухрат Равшанович 99,9% улуш билан

2. Гульмамедова Лейла Алиевна 0,1% улуш билан

Жаноб Демир ва иш бўйича иккинчи даъвогар Лейла Гульмамедованинг айтишларича, ушбу Протоколда кўрсатиб ўтилган умумий йиғилишда на «Demir Group Servis Insaat Yatirimlari Sanayi Ve Ticaret Anonim Sirketi» корхонаси директори — Ахмет Яшар Демир, на таъсисчи — Лейла Гульмамедова, на қўшма корхона директори — Анваров Дониёр, на бош ҳисобчи — Абдурахманова Фируза ва на юрисконсульт — Махмудов Азиз иштирок этганлар.

Даъво аризасида келтирилишича, фуқаро Шамансуров Шухрат Равшанович “Divan by Demir” ресторани ижара шартномаси асосида жойлашган, хозирда Миллий Банкка тегишли бўлган бинони банкдан сотиб олишни осонлаштириш мақсадида аввал таъсисчиларга уни 3 ой муддатга таъсисчи қилиб туришни таклиф қилган. Бино Миллий Банкдан сотиб олингач эса, яна Турк компаниясини 99,9% таъсисчилик улушини қайтариб беришни таклиф қилган. Фуқаро Шамансуров Шухрат Равшанович ўзбошимчалик билан ўзини таъсисчи қилиб олгандан сўнг эса, жаноб Демир ва бошқа тарафлар Шамансуров Шухрат Равшанович таъсисчилик улушини қайтариш режаси йўқлиги ва ушбу бинони учинчи тарафга сотиб юбормоқчи эканлиги ҳақида хабар топади ва судга 2019 йил 4 декабр куни 52621 сонли реестр рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилган ўзгартиришларни бекор қилиш бўйича ариза топширишади.

www.public.sud.uz порталидан 4–10–2018/195 сонли иш файлидан олинган кўчирма

Суд эса ўз ўрнида, 2019 йил 4 декабрдаги 1–12/2019 сонли таъсисчилари умумий йиғилиши Протоколини кучга эга эмас деб топади ва давлат божи ва почта харажатларини Шамансуров Шухрат Равшанович ҳисобига олиб боради.

www.fo.birdarcha.uz порталида очиқ маълумотларга қараганда ҳозирда «Demir Group Servis Insaat Yatirimlari Sanayi Ve Ticaret Anonim Sirketi» 99,9% улуш билан “Inter Tourism” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона таъсисчиси сифатида тикланган.

Барчаси шундай бўлган деб ўйлайсизми? Ёки иш ўхшамай қолгач, “орқага” беришганмикан?

Шарқ — нозик масала. Бизнес хам нозик масала. Шарқда бизнес қилиш эса Хитой чинниси каби нозик.

lawyer, runner, cyclist and a freshly minted father

Love podcasts or audiobooks? Learn on the go with our new app.

Get the Medium app

A button that says 'Download on the App Store', and if clicked it will lead you to the iOS App store
A button that says 'Get it on, Google Play', and if clicked it will lead you to the Google Play store